РАСМИЙ МУНОСАБАТ.

2021 йилнинг 31 март куни “Navoi Kanal” телеграм каналига жойлаштирилган “Мактабгача таълим ташкилоти ходими тарбияланувчиларни қўли билан ураётганлиги акс этган” видео лавҳалари юзасидан маълумот. 


Аниқланишича, ушбу видео лавҳаларда қайд этилган ҳолат Кармана туманидаги 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига тегишли бўлиб, мазкур ҳолат 2021 йилнинг 16 март куни мазкур МТТнинг “Бойчечак” гуруҳи тарбиячиси Бўранова Мухайё Ҳакимовна томонидан педагогик этикага риоя қилмаган ҳолда айрим тарбияланувчиларга нисбатан шундай ҳатти-ҳаракатлар содир этилган.

Ушбу ҳолат 18 март куни Кармана туман мактабгача таълим бўлими мудири Н.Халилова томонидан жойига борган ҳолда мазкур МТТ директори, айрим ота-оналар  ва бошқа масъуллар иштирокида МТТдаги мавжуд кузатув камерасининг хотирасини кўздан кечириш орқали атрофлича ўрганиб чиқилиб, муҳокама қилинган.

Шунингдек, ўрганиш якунларига кўра, тарбиячи М.Ҳ.Бўранова томонидан вояга етмаган тарбияланувчиларга нисбатан содир этган ушбу ҳатти-ҳаракатига қонуний баҳо бериш ва тегишли қарор қабул қилишлик учун 2021 йилнинг 19 март куни 2-сонли давлат МТТнинг директори томонидан 01-06-сонли хат (ҳолат қайд этилган тегишли видео лавҳалар дискка илова қилинган ҳолда) билан Кармана туман ИИБга юборилган.

Маълум бўлишича, бугунги кунда Кармана туман ИИБ томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиб, тарбиячи М.Ҳ.Бўрановага нисбатан тўпланган ҳужжатлар тегишли судга юборилган ва ҳозирда суд томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Шу билан бирга, М.Ҳ.Бўранова билан тузилган меҳнат шартномаси Иш берувчининг 31.03.2021 йилдаги 27-сонли буйруғи билан, тегишли тартибда бекор қилнган.

Бундан ташқари, ўзининг функционал вазифаларини тўлиқ бажармагалиги ва ташкилотда ишловчи ишчи-ходимларни фаолияти устидан ваколати доирасидаги назоратни сусайтириб юборганлиги учун ушбу 2-сонли давлат МТТ директори Г.Шароповага нисбатан  Иш берувчининг 31.03.2021 йилдаги 74-КБ-сонли буйруғи билан “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шунингдек, 31 март куни вилоят Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ў.Тиллаев ушбу 2-сонли давлат МТТга борган ҳолда, мазкур ҳолатни туман МТБ, ушбу МТТ ишчи-ходимлари ва айрим ота-оналар иштирокида атрофлича яна бир бор ўрганиб чиқилиб, муҳокама қилинди ва келгусида шу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, уларни олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўриш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Вилоят Мактабгача таълим бошқармаси тизимдаги ишчи-ходимларнинг, хусусан педагогларнинг бундай ҳатти-ҳаракатларини тизим учун салбий ҳолат деб ҳисоблайди ва МТТлар фаолияти устидан назоратни ҳамда кенг жамоатчилик ва ота-оналар билан ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиради. 

Навоий вилоят Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати.скачать dle 12.1


© 2018 NAVOIY SHAHAR 19-UMUMIY O‘RTA TA'LIM MAKTABI
ORTGA QAYTISH